Ҳазрати Алининг Фотимаи Заҳрога уйланишлари
(01.11.2008 10:00:00)

Ҳазрати Али ўзлари бой соҳиб мулк киши бўлмасликларига қарамасдан Расулуллоҳнинг олдиларида яқинликлари ва ҳайрихохликлари ҳамда ишончлиликлари туфайлигидан жуда қадрли бир киши эдилар. Шунинг учун Расулуллоҳ Раббиларинииг амри билан насабларини сақлашлик учун ҳазрати Алини танлаганлар.

Тарих китоблари шундай ривоят қилади: Абу Бакр билан Умар Расулуллоҳдан: «Қиёмат куни бутун насаблар узилишиб кетади. Магар мени насабимгина узилмайди»,— деганларини эшитгани туфайли ўз насабларини Расулуллоҳ насабларига қўшишликка ниҳоятда харис бўлган эдилар. Расулуллоҳ сулоларидан фақатгина эрга чиқмаган ёлғизгина олам аёлларининг саййидаси бўлган Фотимаи Заҳро қолган эдилар.

Кунлардан бир куни Абу Бакр Расулуллоҳнинг олдиларига бордилар ва Фотиманинг катта бўлиб қолганлигини эсларига солдилар. Расулуллоҳ алайхиссалом эса бир нима деб жавоб қайтармайдилар. Бундан Абу Бакр саволлари мувофиқ келмаганлигани тушуниб индамай ҳузурларидан одоб-ла чиқиб кетадилар. Ҳазрати Умар индамай алоҳида бир кун келиб Фотимани сўраганларида Расулуллоҳ ҳазратлари индамай қўя қолдилар. У киши ҳам саволлари номувофиқ келганлигини тушуниб ҳузури муборакларидан таъзим-ла чиқиб кетдилар.


Ҳазрати Али эса бу вақтларда на Фотимага ва на бошқа бир аёлга уйланиш тўғрисида камбағалликлари сабабли ҳамда ўзлари билан ўзлари овора бўлиб юрганликлари туфайли фикр ҳам қилиб кўрмасдилар. Кунлардан бир куни сингиллари Умму Хони у киши билан гаплашиб туриб гапнинг орасида: «Абу Бакр билан Умар Расулуллоҳнинг олдиларига алоҳида келиб Фотимани сўрашибди, бироқ Расулуллоҳ розилик бермабдилар. Менинг ўйлашимча, Расулуллоҳ Фотимани сизга сақлаб турсалар керак, вақтни ўтказмай совчи бўлиб боринг» — дедилар. Бунга жавобан Али: «Фотимага уйланишлик учун нимам бор? Расулуллоҳ менга Фотимани беришлари мумкинлигани ким айтди, дедилар. Шунда Умму Хони: «Мен буни ўзим сезиб юрибман, сиз тараддудга тушмай тез бораверинг», дедилар. Умму Хони Алини ҳолжониларига қўймай қистайверганларидан кейин Али Расулуллоҳнинг уйларига боришга жазм қилдилар. Расулуллоҳнинг хонаи муборакларига келиб у жанобни кўрган заҳотилариёқ тиллари дудуқланиб гапиролмай қолдилар. Ҳолбуки, Али ниҳоятда гапга чечан кишилардан эдилар. Шунга қарамай ҳижолатданми тиллари калимага келмай қолди. Расулуллоҳ ҳазратлари эса жилмайиб табассум-ла Алига боқиб: «гапираверинг, гапираверинг» деб шижоатлантирдилар. Шундан кейин Али истакларини дудуқлана-дудуқлана тушунтиришга бошлаб:

«Фотимани бир эслаб келувдим» дедилар. Меҳрибон ва мушфиқ зот саллаллоҳу алайҳиссалом у кишига боқиб: «хуш келибсиз» дедилар, холос. Бошқа сўз айтмадилар. Али эса Расулуллоҳнинг ишларидан ҳайратга тушиб қайтиб кетавердилар. Лекин Алининг баъзи бир ошналари: «бу деганлари «хўп» деб қабул қилганлари» деб Алини хотиржам қилдилар. Меҳрибон ота қизларининг ёнларига бориб табассум ила боқиб, раъйиларини сўраганларида, Фотима индамай туравердилар. Бир оз жим тургач: «Эй отажон, менга қурайшнинг ичидан шу камбағал йигитдан бошқа кишини топмадингизми?» — дедилар. Расулуллоҳ ҳазратлари Фотиманинг бу сўзларига қарши: «Эй Фотима, сизни ҳақиқатда Оллоҳ ҳамда унинг Расули эрга беряпти», деганларида, Фотима: «Ундай бўлса мен Оллоҳ ва Расули буюрган кишини қабул қиламан», дедилар. Шундан кейин Расулуллоҳ Алини чақиртириб келиб: «Бирор нарсангиз борми?» деб сўрадилар. Али эса «Қалқонимдан ўзга ҳеч нарсам йўқ», дедилар. «Бўлмаса қалқонингизни сотиб келинг» деб буюрдилар. Али қалқонларини ҳазрати Усмон Зиннурайнга етмиш тўрт дирҳамга сотдилар. Кейин пулни чопонларининг бир барига тугиб олиб Расулуллоҳнинг олдиларига қўйдилар ва «Расулуллоҳ, мана шу қалқоннинг пули», дедилар.

Расулуллоҳ пулдан бир неча тангани олиб ҳазрати Билолга бозордан атир-упа сотиб олиб келишларини буюрдилар. Қолганини эса Умму Салама олдига бориб никоҳ куни келинчакка тақиб ясатишлик учун тақинчоқлар олишга берадилар. Кейин камбағал саҳобаларни чақиртириб келадилар ва уларга ғоят мазмунли ва мароқли хутба ўқийдилар. Хутбалари асносида Оллоҳга хос бўлган санолар айтдилар ва ҳамда уйланишлик фойдаларини сўзладилар, Гапларини: «Мен Фотимани Оллоҳнинг изни билан Алига хотинликка бердим», дея якунладилар. Ҳазрати Алига ва Фотимага Оллоҳ таоло солиҳ фарзандлар ато этсун, дея дуолар қилдилар. Никоҳ маросими тугагач, бир товоқда хурмо келтирдилар. Расулуллоҳ ҳозир бўлганларга қараб: «Қани хурмодан олинглар», деб марҳамат қилдилар. Фотима янги уйларига бориб жойлашганларидан кейин у кишини оталари шундай калималар билан чақирдиларки, булар Алини Расулуллоҳ қошларинда нақадар иззатга эга эканликларига гувоҳ бўла олади.

Расулуллоҳ Фотимага қараб: «Мен сени, эй азиз қизчам, имони ҳар қандай бошқа инсондан кўра қувватлироқ, илми ҳамманинг илмидан кўра кўпроқ, ўзи эса қавмимиз ичида ахлоқ ва шарафда афзалроқ бир кишининг олдига омонатга қўйиб қўйдим», деганлар. Расулуллоҳнинг бу айтган гапаридан ҳазрати Алини қанчалик даражада эҳтиром қилишлари билинади. Ҳазрати Али Исломга жон фидоликлари туфайли мана шундай олий мартабага ноил бўлдилар.

Расулуллоҳ алайҳиссалом вафотларидан кейинги воқеалар

Мусулмонлар ўз пайғамбарлари бўлган Расулуллоҳни Раббил оламин ўз паноҳига олишликни ихтиёр қилганлигини билган вақтларида уларга жуда қаттиқ қайғу ва мусибат тушди. Одамлар икки тоифага — рост дегувчи ва ёлгон дегувчиларга бўлинай деб қолдилар. Агар Абу Бакрни мана шундай ҳолатда диннинг ҳийбатини ҳамда Исломнинг жиддийлигини сақлаган қаттиқ туришлари бўлмаса эди, ишлар охири нима билан тугашини ёлғиз Оллоҳнинг ўзидан бошқа ҳеч ким билмас эди.

Бу пайтда Али муборак чопонларига ўраб қўйилган улуғ боболарининг бир ёнларида ўлтирган эдилар. Ўзга томонларида эса амакилари Аббос ҳамда амакизодалари Фазл ва Қусам ўлтирардилар. Шу вақт Аббос Алига қараб: «Эй Али, қўлингизни беринг, мен сизга байъат бераман. Одамлар Расулуллоҳнинг амакилари амакиваччаларига байъат бераверади», дедилар. Бунга жавобан Али кўзларини муборак жуссага қаратган ҳолда: «Эй амаки, биз Расулуллоҳ билан машғулмиз. У кишини жанозага тайёрлашимиз керак, зарури шу», дедилар. Булар бу аҳволда туришган пайтда мусулмонлар бани Саиднинг Сақифа номли соягоҳида халифа масаласини маслаҳатлашув учун тўплангандилар. Охири Абу Бакрга ҳамма байъат беришлик билан иш тугади. Ушбу кенгашда Али ва ҳамда бани Ҳошимдан бирор киши ҳам иштирок этмади. Зеро, улар халифаликка ўзгалардан кўра ҳақлироқмиз деган эътиқодда эдилар. Умар ибни Ҳаттоб Алини байъат бермоқликка қистаб ҳам кўрдилар. Бироқ Али байъат беришдан бош тортдилар. Чунки халифани тўғри сайланганлигига қаноат ҳосил қилмагандилар. Ахири анча вақт ўтгандан кейин Али Абу Бакрга байъат қиладилар ва бу билан ўртадаги келишмовчилик барҳам топади. Ҳазрати Али Абу Бакрга байъат қилганликларидан кейин ўз ишлари билан шуғулланиб юрдилар. Абу Бакр у жанобни қизғаниб ҳеч бир жангга юбормадилар. Ўз олдиларида энг яқин маслаҳатчи қилиб ушлаб турдилар. Қачон бирор диний иш хусусида Абу Бакр ҳукм чиқаришда қийналсалар, дарҳол Алини чақириб сўрардилар. Абу Бакр хасталикларига йўлиқгунга қадар аҳвол мана шундай давом этди. Қачон Абу Бакр касаллари оғирлашиб ажаллари яқинлашганида, ўлимни сезгач, Усмон ибни Аффонни чақириб ўзларидан кейин ўзларига Умар ибни Ҳаттобни валиаҳд этиб қолдирганликларини ёздириб муҳрлатиб қўйдилар.

Умар ҳам Абу Бакр Али билан қандай муомалада иш юритган бўлсалар, шундай иш юритдилар. Балки у кишидан ҳам кўпроқ Алига мурожаат этадиган бўлдилар. Умар ўзларига Алини маслаҳатчи вазир қилиб олдилар. Ҳар бир хоҳ диний бўлсин, хоҳ дунёвий иш бўлсин Алидан бемаслаҳат ҳукм юритмас эдилар. Умар доимо «гар Али бўлмасалар эди, Умар ҳалок бўларди», деган гапни қайтарар эдилар. Ҳазрати Алини Умар ибни Ҳаттобнинг қошларида қандай мартабага ҳамда ҳурмат ва эҳтиромга лойиқ бўлганликларини билмоқчи бўлган одам Умар халифалик даврлари хақида ёзилган бобни қайта ўқиб чиқсун. Шунда қанчалик Али Умар наздларида эҳтиромга сазовор эканликларини жуда яхши билиб олади. Алининг қанчалик илмга эга эканликларини, адолат бобида қанчалик мустаҳкам туришларини у ерда очиқ-ойдин ёзиб қўйилган.

“Xyлaфoи Poшидин”

UzIslam.Com, http://www.uzislam.com