Али разияллоҳу анҳу ва Уммул мўъминин Ойиша онамиз
(07.11.2008 00:00:00)

Ўртадаги жанг Уммул мўъминин аскарларнинг асирга тушишлари билан тугади. Алининг сафдошлари, барча асирларни тиғдан ўтказишни таклиф этдилар. Уларнинг таклифларига қарши ўлароқ, ҳазрати Али: «Мен қибла аҳли асирлари агар тавба қилиб яна ўз ҳолларига қайтсалар, ўлдирмасман», дедилар.

Ҳазрати Али Ойиша онамизни нодон кишилар ахмоқликлари туфайли ранжитиб қўймасалар эди, деб қаттиқ ташвишга тушдилар. Яъни улар Ойиша онамизга ҳар хил бемаъни таъналар қилиб дилларини ранжитиб қўймасалар эди, деб ташвишга тушдилар. Кутилган воқеа юз берди. Шу сабабли ҳазрати Али Ойиша онамизни алоҳида бир хонага кечқурун тушириб, ичиқораларнинг кўзларидан йироқ турсунлар, дея парда тўстириб қўйдилар. Шунчалик эҳтиёт чораларини кўрганликларига қарамай барибир баъзи нодон калтафаҳм кишилар Ойиша онамизга ҳар хил бемаъни гапларни қилиб дилларини оғритдилар. Жуда қаттиқ таъналар билан маломат этдилар. Иш бундай тус олганини кўрган ҳазрати Али буйруқ чиқаришга мажбур бўлдилар. Кимки Ойиша онамизни беҳурмат қилса ёки у киши шаънларига нолойиқ сўзларни сўзласа, ундай беадаб киши дарра билан уриладиган бўлди. Ҳазрати Али хусуматчилар билан ниҳоятда очиқ кўнгилликда эдилар. Зеро, у жаноб Талха (р. а.)нинг Мавлон ибн Ҳикам қўлида шикаст еб вафот топганликларининг хабарини эшитган пайтларида жуда ҳам қаттиқ алам чекдилар. Зубайр ибни Авом (р. а.) нинг намоз ўқиётган чоғларида ўлдирилганликлари хабарини эшитган вақтларида ҳазрати Али қаттиқ товушда шундай дедилар: «Ибн Сафия асло кўрққан ҳам эмас, лаим ҳам эмас эди. Лекин ҳозир ниҳоятда хунук ходда ўлдирилибди.» Зубайр ҳазратларининг қотиллари бўлган ибни Журмуздан Зубайрнинг қиличларини беришни талаб этдилар. Кейин у жанобнинг қиличларини қўлларида маҳкам ушлаган ҳолда «Мазкур қилич узоқ замонлар Расулуллоҳ аллайҳиссаломнинг муборак юзларидан қудратларини кеткизган эди», дедилар. Журмуздан Зубайрни «Сен ўлдурдингму» деб сўрадилар. У: «Ҳа, мен ўлдирдим, энди буни мукофотини хоҳлайман», деди. Ҳазрати Али унинг гапини эшитиб, унга қараб: «сенга дўзах мукофот бўлади», дедилар ва ўлдиришликга амр этдилар. Кейин одамларга қараб: «Абу Абдуллоҳни Оллоҳ раҳмат қилсун. Мен таҳқиқ Баширанназир саллаллоҳу алайҳи вассалламдан ибни Сафияни ўлдирган кишининг жойи дўзах бўлади, деб башорат этганларини ўз қулоғим билан эшитганман», дедилар.


Ойиша онамиз ҳазрати Али ғалабага эришганларидан сўнг: «Эй ибни Абу Толиб, қўлингга тушдик, энди ўзинг юмшоқ кўнгиллик айла», дедилар. Ҳазрати Али Ойиша онамизнинг гапларига илтифот кўрсатдилар. Ва одил музаффардан кўра кечирувчи музаффар ғолиброқ деб ўйладилар.

Бир неча исёнчилар Ойиша онамизнинг ҳимояларига сиғиндилар. Ҳазрати Али уларга ҳеч нарса қилмадилар, кейин Али, ибни Аббосни Ойиша онамиз ҳузурларига юбориб «энди кетсунлар», дедилар. Аввал Ойиша онамиз «йўқ, кетмайман», деб турдилар. Бир оз вақт ўтгач, Ойиша онамиз .кетишга рози бўлдилар ва «мен Оллоҳ хоҳласа тезда уйимга кетажакман», дедилар. Басрадан Мадинага қараб йўлга чиқдилар. Ҳазрати Али Ойиша онамизга каттагана карвонни жиҳозлаб бердилар ва ўн икки минг дирҳам совға ҳам бердилар. Алининг биродарзодалари бўлган Абдуллоҳ ибни Жаъфар ҳам ўз ҳисобларидан беадад мол ва пул ажратиб Ойиша онамизга беришга тараддуд кўрдилар. Кейин бу пулларни Ойиша онамизнинг олдиларига қўйиб: «булар мени ўз ҳисобимдан совға», дедилар. Ҳазрати Али Ойиша онамизни ҳеч бир нарсадан камситмай, балки ниҳоятда ҳурмат-эҳтиромларини жойга келтирдилар. Ойиша онамиз кетаётган пайтларида кузатувчиларнинг ўртасида турган Алини кўриб: «Оллоҳга қасамки, мен билан Алининг ўртамизда аввалда ҳам ҳеч қандай хусумат бўлган эмас. У менинг олдимда энг яхши кишилардан ҳисобланади», дедилар. Ҳазрати Али Ойиша онамизнинг гапларига жавобан: «Ойиша онамиз рост айтдилар, бизнинг ўртамизда ҳеч қандай хусумат бўлган эмас. У жаноб пайғамбаримизнинг дунёйи охиратда завжи муборакларидурлар», дедилар. Ҳазрати Али Абдул Қайс қабиласидан 40 та аёлга эркакча кийим кийгазиб Ойиша онамизни то ўз уйларига эсон-омон етиб келгунларига қадар кузатиб боришликни буюрдилар. Улар эркакча кийинишиб Ойиша онамизнинг карвонларини кузатиб йўлга тушдилар. Ойиша онамиз уларни кўриб эркак киши деб ўйлаб, Али мени обрўимни тўкибди, деб аччиқлари чиқди. Бироқ Маккага етиб борганларидан кейин мазкур аёллар бошларидан саллаларини олиб юзларини очганларидан кейин уларнинг аёл эканликларини билдилар. Бу Ойиша онамиз оммавий ҳаётда иштирок этган энг сўнгги воқеа бўлди. Шундан кейин Ойиша онамиз токи вафот этгунларига қадар уйларидан ташқарита чиқмадилар. Тоат-ибодат-ла машғул бўлиб олий даражага етгунларига қадар яшаб ўтдилар.

Тарихчиларнинг жуда кўплари Али карамаллоҳу важхаҳу тарафларидан Ойиша онамиз (р. а.)га қилинган ушбу гўзал муомалани шарҳлашга киришиб, шундай деб ёзадилар: «Бу шундай гўзал муомалаки, тарихда бўлган бунга ўхшаш муомала эшитилмаган. Бирор бир китоблар саҳифасида ҳам акс эттирилмаган. Ғолибнинг мағлубга нисбатан қилмайдиган амални хазрати Али томонларидан қилиниши ҳақиқатда Абул Ҳасанайн карамаллоҳу важхаҳунинг бир буюк қалб эгаси эканликларига далолат этади», дедилар. Бироқ, мана шундай табир-ла шарҳ этувчилар ушбу каби ҳайронликларини, қилинган амал олдида изоҳ этувчилар улуғ пайғамбар мактабларининг иштирок этган шогирдларидан бири бўлган Али ибни Абу Толиб ким билан мана шундай гўзал муомалада бўлганликларини унутганга ўхшайдилар. Ахир, у жаноб ушбу каби тарихда ўхшаши бўлмаган муомалани Муҳаммад алайхиссаломнинг севимли аёлларига ва Расулуллоҳнинг ғордаги йўлдошлари ҳамда энг биринчи мусулмон бўлган Абу Бакр Сиддиқнинг садоқатли қизларига нисбатан қилганлар.

Тўғри гап

Жуда кўп тарихчилар умумий тафсилотларга берилиб кетиб, Али билан Ойиша онамиз ўрталардаги холифлик сабабларини баён этишликда гапни жуда ҳам чўзиб юбориб муболаға даражасига етказганлар. Улар шундай деб ёзадилар: Уммул мўъминин дилларида ҳазрати Алига яъни эрларининг амакиваччаларига нисбатан рашк аралаш карохият сақлар эдилар. Зеро, ҳазрати Али Расулуллоҳ алайҳиссалом олдиларида катта ҳурматга эга ва ҳамда энг севимли қизлари Фотимаи Заҳронинг эрлари ва меҳрибон пайғамбарга одамларнинг энг севимлиси бўлгандилар. Ойиша онамиз қалб дардидаги нафрат бани Мустақил ғазотидан қайтганда йўлда Ойиша онамизга нисбатан зулм ва душманлик сабаби ила қилинган бўҳтон воқеасидан кейин яна ҳам зиёдалашганди. Расулуллоҳ алайҳиссалом Зайд ибни Хориса ҳамда Умар ибни Ҳаттобдан ушбу воқеа тўғрисида қандай фикрдасиз, деб сўраганларида, уларнинг ҳар икковлари «биз Ойишага асло бирор хунук иш содир бўлганлигини кўрган эмасмиз», деб жавоб берганлар. Аммо ҳазрат Алидан сўралган чоғда у жаноб улуғ пайғамбарнинг юзларидаги алам асарини кўриб, Муҳаммад алайхиссалом адо этастган улуғ рисолатга бирор нуқсон етиб қолишидан қўрққанлари сабабли Расулуллоҳга қараб ўзларидаги доимий очиқ гапириш хислатига биноан: «Ё Расулуллоҳ, бундан бошқа ҳам аёллар кўп-ку» деб жавоб берганлар. Бу деган жавобларининг маъноси, агар у кишидан шаклланаётган бўлсангиз, қўйиб юборинг-да, бошқасига уйланиб қўя қолинг, дегани эди.

Баъзи тарихчилар эса ҳазрати Али Ойишанинг ходимларини олдириб келиб нима иш бўлганлигини айтасан, деб кўрганлар. У ходима «Ойиша ёш, тажрибасиз қизлар, гоҳида хамирни қориб туриб ухлаб қоладилар. Кейин эса қўйлар келиб еб кетарди. Бундан бошқа Ойиша онамизнинг айблари йўқ», деган гапдан ўзга чурқ ҳам этмади, дедилар. Мана шу сабабларнинг ҳар бири Ойиша онамиз дилларида етарлича таъсирини қолдирган эди. Ойиша онамиз қалбларида Алига бўлган бундай асарни дунё таъмагирлари ғанимат билиб Усмон разияллоҳу анҳуни ўлдирганларидан сўнг қўзғаб ҳаракатга солиб юбордилар Бундай қўзғашни шахсий ёки якка суратда эмас, балки оммавий суратда анча жиддий равишда авж олишга эришдилар. Натижада ўтган воқеа юз берди, дедилар.

Баъзи бир ривоятларда эса бу ҳодиса қуйидагача тартибда акс эттирилган: Бир куни Расулуллоҳ алайҳиссалом Ойиша онамиз олдиларида бошларини эгиб турар, Ойиша онамиз эса муборак бошларини юваётган эдилар. Ёнларида Уммул мўъминин Умму Салама эса хурмо билан сутни аралаштириб ҳар икковларига таом тайёрлаётган эдилар. Шунда Расулуллоҳ ҳазратлари бирдан: «Мен сизлардан бирингиз думли туя соҳиби, Ҳавоиб сувининг итларини хурдирадиган ва натижада тўғри йўлдан тоядиганингиз қай бирингиз бўлади, билолмайман», дедилар. Бу сўзни эшитган заҳотлариёқ Умму Салама таомдан қўлларини қўрқувга тўла ҳолда кўтариб, шошилган ҳолда «мен шундай бўлишдан Оллоҳдан ҳамда унинг Расулидан паноҳ тилайман», дедилар. Расули Акрам ҳазратлари уларга қараб: «менимча сизлардан биттангиз Ҳавоиб итларини хурдирсангиз керак,— дедиларда, кафтлари билан Ойиша онанинг орқаларига уриб:— «Эй ҳумайра, шундай бўлишликдан эҳтиёт бўлинг», дедилар. Бироқ Ойиша онамиз шундай бўлдилар. Оллоҳнинг тақдир саҳифасига ёзганларини бўлмоқлигидан на эҳтиёт қилдиришлик ва на огоҳлантиришлик тўсиб қўя олди. Лекин мана шу ривоятни айтаётган кишилар бир нарсани ташлаб кетганлар, у ҳам бўлса Ойиша онамиз вақтики мазкур маконга етганларида «ушбу сувнинг номи нима?» деб сўрайдилар. Кишилар «Ҳавоиб суви деб» жавоб бердилар. Ушбу жавобини эшитган Ойиша онамиз: «тезда мени бу ердан олиб кетинглар, Оллоҳга қасамки, мен Ҳавоиб соҳибаси бўлиб қоламан», деганлар. Шу пайт олдиларига сингилларининг ўғли Абдуллоҳ ибни Зубайр келиб, Исломда энг биринчи бўлиб ёлғондакам гувоҳликни берганлар. Уларнинг ёлгон гувоҳликларига ишониб, Ойиша онамиз уларга бўйсиниб қолганлар. Натижада аввалда таркиб топган тақдир юз берган. Бўлар иш бўлиб ўтган.

Ҳазрати Алини баъзи бир тарихчилар маломат этиб шундай дейдилар. Эмишки ҳазрати Али Усмон қотилларини ҳибсга олишда сусткашлик қилганлар. Ҳалифалик мансабига ўлтирганларидан сўнг эса ишни ўз ҳолига ташлаб қўйишлари Ойиша онамизни қаттиқ аччиқланишларига олиб келди ва Ойиша онамизни мазкур жиноятчиларга нисбатан Ислом жазо чораларидан чора қўллашликни талаб қилиб чақириқда бўлишларига олиб келди.

Дин ҳамда тоза виждон эгаси бўлган тарихчи бундай ишни ўзича шарҳлашдан тийилиши керак эди. Балки аҳволни ўтмиш тарихчилари тушунтирганларидек тушунтиришлари зарурдир. Ҳазрати Али Муҳаммад алайҳиссаломнинг амакиваччалари Фотимаи Заҳронинг эрлари, тўртинчи ҳалифа, Бадр ва Ҳусайн урушларининг қаҳрамони, Ҳайбар қўрғонини шикастловчи, Расулуллоҳ алайҳиссаломга хижрат кечаси ўз жонини фидо этувчи, бундан ташқари ҳисобсиз фазилатларга эга бўлиш билан бирга, бутунлай маъсум эмаслар. У киши Имом ва Мужтаҳид, демак тўғри ижтиҳод қилган бўлсалар, чексиз ажрга эга бўладилар ва агар хато ижтиҳод этган бўлсалар, унда битта ажрга эга бўладилар. Ойиша онамизнинг ҳам шу каби жуда кўп буюк фазилатлари бўлган. Бундай ишларда тўғри ҳукм чиқаришлик мумкин ҳам эмас, чиқариб ҳам бўлмайди. Энг яхшиси бундай ҳолатда ишни ғайбларини билувчи, еру-осмонда ҳеч нарса унга махфий бўлолмайдиган зотга топшириш тўғрироқ бўлади. Бундай мушкул шакли масалаларда фикр билдиришдан тўхтаб, ишни Оллоҳ таоло ва таборакка топширишликда жуда катта ҳикматлар бордур. Энг тўғри йўл ҳам шудир. Оллоҳ тало карамаллоҳу важҳаҳудан рози бўлсун. Ойиша онамиздан ҳам рози бўлсун. Ҳар икковларини Оллоҳ учун ғазабланадиган ҳавмлар мукофоти каби мукофотлар ила мукофотлансун. Омин.

“Xyлaфoи Poшидин”

UzIslam.Com, http://www.uzislam.com