|
Бахтинг сотилмайди
(05.02.2009 15:05:09)
— Сиз ўғлингизга бева хотин олиб бераётганингиз йўқ! — деди қизнинг онаси тап тортмай. — Қизимнинг ҳам орзу-ҳаваси бор. Унинг ҳам бахтли бўлгиси келади. Ана, жондай қўшнимнинг кенжасини ўтган куни "Лимузин"да олиб кетишди. У қиздан менинг қизимнинг бирор кам жойи борми?
— Майли, бир иложини қилармиз, — деди шўрлик қуда бошини эгиб. — Лекин қудажон, бир гапни айтиб қўяй: бахтни "Лимузин"дан излаш керак эмас! Бахтнинг калити...
— Бунақа гапларни кўп эшитганмиз. Инсон дунёга бир марта келади. Бундай кун ҳаётда фақат бир марта бўлади. Шундай экан...
— Ахир Аллоҳ таолонинг куни кўп!
— Сиз айтганимизни қилинг, қизимнинг кўнгли ўксимасин.
— Хўп.
* * *
Бу — йиллар давомида йиғиб-териб топганини бир кунда элга ош қилиб бериб юборадиган ўзбекнинг тўй олди маслаҳатларидан бир лавҳа эди. Бизнинг тўйларимиз ана шундай маслаҳатлар билан бошланади. Чунки ўзимиз ўйлаб топган ақидага ўзимиз ҳам амал қилишимиз керак-да: "Маслаҳатли тўй тарқамас!"
Келиннинг ЗАГСига тўртта иномарка машина бориши керак. Албатта, уларнинг ранги бир хил бўлиши шарт. Ижараси ҳам бир гап бўлар. Сўнгги модадаги келин куйлак керак. Бир кунлик ижара ҳақи атиги уч юз минг сўм бўларкан. Нима, пул одамдан қиммат бўптими? Ахир қуда хола айтди-ку: "Инсон дунёга бир марта келади. Бундай кун ҳаётда фақат бир кун бўлади". Демак, олиш керак. Висол оқшоми бирорта ресторанда бўлгани маъқул. Ҳозир ҳеч ким гувала деворли ҳовлида базм қилаётгани йўқ. Хонандалар-чи? Хонандадан кўпи борми? Шу ҳам муаммо бўлдими? Эҳ-ҳе, хонанда кўп, лекин таниқлиси бўлиш керак-да! Бу таниқли ўлгурлари минг доллардан камига юрмас эмиш. Бирров келиб кетишига кўкидан уч юз керак экан. Нима қилмоқ керак? Тўрт жуфт маънисиз фонаграмма учун минг доллар увол эмасми? Лекин... ахир қуда хола айтди-ку: "Инсон дунёга бир..." Ке, шу қарздан ўлмасак бир кун қутулармиз. Хонанданинг ҳам телевизорга чиққанидан чақира қолайлик. Базмга уч хил таом тайёрлаш керак. Бу масалада яхшиям қариндош-уруғлар бор. Ҳар бири биттадан тоғора қилиб келса ҳам тўй дастурхони тўлади. Лекин анави ўлгурдан камида юз шиша олмасак бўлмас-ов. Олганда ҳам «четники»дан олиш керак. Қўшнининг тўйида италиянинг коньяклари, беш юлдузли шампан винолари қўйилди. Бизнинг ҳам кам жойимиз йўқ. Пул топилади, обрўй кетмасин. Хўш, яна нима қолди? Э-ҳе, ахир ҳаммаси энди бошланди-ю...
Ростдан ҳам ҳаммаси тўй тугагандан кейин бошланади. Элдан уялмайин деган андиша, бироз риёкорлик ва хўжакўрсинлик тўйнинг эгасини бутунлай ҳолдан тойдиради. Тўй соҳибини хонавайрон қилади. Йўқчилик бўлган оилада эса уруш-жанжал бошланади.
— Келиннинг қадами қутлуғ келмади, — дейди қайнона.
— Ҳолингиз шу экан нима қилардингиз ўғил уйлантириб! — дейди чилласи чиқмаган келин.
Ана шунақа! Нега бундай бўлди? Нега бахт тўйи оилага бахтсизлик келтирди? Бу савол на келиннинг, на қайнонанинг хаёлига келади. Ваҳоланки, бахтсизлик уларни излаб келмади. Аксинча, улар бахтсизликни чақириб олдилар. Таъбир жоиз бўлса, сотиб олдилар. Сотиб олганда ҳам сўнгги пулига, ҳатто қарзга сотиб олдилар.
Манманликда, кибрда, хўжакўрсинликда Аллоҳнинг ризолиги йўқдир. Аллоҳ таоло Ўзи рози бўладиган ишларнинг барчасини муайян мезонлар билан иҳота этиб қўйди. Кимки, бу чегараларни бузиб ўтар экан, хорликка маҳкумдир. Шу маънода айтиш мумкинки, тўй-ҳашамларимизни, маъракаларимизни ислоҳ этиш мавриди аллақачон келди. Чунки бу ҳақда ўтган асрнинг тонггидаёқ буюк маърифатпарвар Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳазратлари огоҳлантирган эди. У «Ойна» журналининг 1914 йил 24-май шанба сонида «Тўй ҳалокати» деб номланган публицистик мақоласи билан чиқар экан, урф-одат дея жуда катта исрофгарчиликларга йўл қўяётганимизни танқид остига олади. "Қани эди биз энди эрталабки ошлардагидек бирлаша олганимизда", дея куюнади.
Гарчи бу иллат ўтган асрда айтилган бўлса-да, бироқ у ҳамон бартараф этилмади. Аксинча, исрофгарчиликнинг янги-янги шакллари пайдо бўлди. Аллоҳ таоло улуғ Китобида сизу биз бандаларига "енглар, ичинглар, лекин исроф қилманглар", дея амр қилади. Бундан чиқадики, исрофгарчилик ортида жазо бор. Чунки исроф қилмаслик Аллоҳ таолонинг амри!
Минг воҳки, биз бошқа амрларга итоат этмаганимиз каби бу огоҳлантиришларга ҳам парво этганимиз йўқ. Айниқса, кейинги пайтларда бу борада ҳаддан ошиш ҳолларига дуч келмоқдамиз. Ахир икки оламнинг савари, бутун пайғамбарлар ва набийларнинг султони бўлган Пайғамбаримиз кўзининг оқу қораси бўлган қизлари Фотима онамизни қандай узатган эдилар? Куёвлари Ҳазрат Алининг келинга берадиган маҳр пули ҳам йўқ эди. У зот маҳр сифатида келинга совути билан қалқонини бердилар. Бир товоқ хурмо ва бир жонлиқ сўйиб никоҳ тўйини ўтказишади.
Энди бугунги келин тўйларимизни бир кўз олдингизга келтиринг: икки соатлик базм учун қанча-қанча маблағимиз исроф бўлмоқда. Ижарага машина, ижарага кўйлак, ижарага ресторан! Ҳеч ким бу ёш-келин куёвнинг кейинги ҳаётини ўйламайди. Наҳотки, ижарага кетаётган неча миллонлик маблағга келин-куёв келажаги учун бирор нарса олиб қўйиш фойдали эканини ҳеч ким билмаса? Бу масаланинг фақат моддий тарафи, холос. Унинг маънавий жиҳати бундан-да аянчлироқдир.
Тасаввур қилинг: ресторанда висол оқшоми. Даврада икки ёшга бахту саодат тилаб тинимсиз қадаҳлар уриштириляпти. Куёвжўралар аллақачон маст бўлиб қолган. Давранинг тўрида келин-куёв савлат тўкиб ўтирибди. Келиннинг эгнида оппоқ ҳарир кўйлак. Бу кўйлакдан унинг нозик елкалари, бўлиқ кўкраклари, билаклари шундоққина кўриниб турибди. Базмдаги маст-аластнинг икки кўзи чиройли келинда. Ҳатто баъзиларининг оғзидан суви қочиб, шеригига гап ташлаяпти:
— Жа-а, кетиворганмикан!
— Узумнинг сарасини ит ейди-да.
— Нима бўлганда ҳам... кўкракларни қара, давай тур, пул қистирамиз!
Алам қилгани шуки, келинга кўпчилик кўз ташлаётганини ёнидаги куёв сезиб ўтиради. Буни сезмасликнинг сира иложи йўқ. Бироқ куёв буни билиб-билмасликка олади. Нима учун? Қани, эркаклик ғурури? Қани ғаюрлик, рашк, ҳамият? Рашксизлик даюсликдир. Улуғ манбаларда келадики, жаннатнинг дарвозасида "Мен даюсга ҳаромман" деган ёзув бор.
Яқинда худди ана шундай бир тўйда иштирок этишга тўғри келди. Биласизми, озгина инсофи бор одам, охиратдан умидвор одам бунақа тўй қилмайди. Аёл-эркак баб-баравар ичиб олиб даврада бир-бирига муқом қилиши, даврада манн-манлик билан пул қистиришлар, ичиб олиб пул раққосанинг устидан пул сочишлар... шу энди инсонийликка тўғри келадими? Ахир биз мусулмонликни, мўъминликни даъво қиламиз-ку! Тағин замондан нолиймиз, турмуш оғирлашганидан ўпка-гина қиламиз. Ким айбдор? Бир улуғ зот айтадилар: "Биз ҳаром иш қилишдан қўрқиб, ўнта ҳалолдан тўққизтасини тарк этардик". Ҳалол билан ҳаром аралашаверса, бировнинг ҳақидан қўрқув ҳисси танамизни ақалли жимирлатиб ҳам қўймаса, энг ёмони — бу тирикчилик воситасига, кундалик турмуш тарзимизга айланиб улгурган бўлса, қандай мусулмон бўлдик? Бундай бўлгач, хайр-барака қаердан бўлсин?!
Тўғри, тўй деб аталган ажиб бир урфу одат халқимизнинг бетакрор хусусиятларидан бири ҳисобланади. Лекин ота-боболаримизнинг яхши ниятлар билан минг йиллар давомида ардоқлаб келаётган одатларини суистеъмол қилмаслигимиз керак. Боболаримиз дастурхон бошида «Илоҳим, ҳаммамизни тўйга етказсин», деб дуо қиладилар. Бу покиза ниятларнинг замирида улкан-улкан ҳикматлар бор. Яратган тўйларга, яхши кунларга етказгани учун, боболарнинг дуоси ижобат бўлгани учун Ўзига шукроналар келтириш ўрнига, одамларни тўплаб ичириб ва бунинг оқибатида кўп нохушликларга сабабчи бўлиш инсофсизликдан бошқа нарса эмас.
Бугунги кунга келиб инсониятнинг энг оғриқли жиҳатларидан бири ароқхўрлик бўлиб қолгани ҳеч кимга сир эмас. Энг ёмони, «барча ёмонликларнинг онаси» бўлган ичкиликка аёллар ва ўсмирлар ҳам ружу қўйишмоқда.
Буюк британиялик олимларнинг маълумотларига қараганда, замонамизда ўсмир қизлар ўғил болаларга нисбатан кўпроқ спиртли ичимлик истеъмол қилишаётган экан. Экспертларнинг фикрича, бу иллат тарихда биринчи марта кузатилмоқда. Энг даҳшатлиси, бу иллат бутун аёл наслининг саломатлигига жиддий хавф солиши мумкин.
Маълумотларга қараганда, сўнгги пайтларда Европа мамлакатларида шифокорларнинг кўпинча ўсмир қизлар орасида учрайдиган спиртли ичимликларга мойиллик ҳамда бу билан боғлиқ касалликларни даволашларига тўғри келаётган экан.
Мутахассислар Европадаги мактаб ўқувчилари орасида алкогол ва наркотик моддалар истеъмол қилинишини тадқиқ этганларида маълум бўлибдики, ирландиялик ўсмирлар спиртли ичимликларга ҳаммадан кўпроқ ружу қўйишган. Бу борада британиялик ёшлар ҳам ирландияликлардан қолишмас эканлар. Францияда эса ичувчи ўсмир қизлар етти фоизни ташкил қилган.
Хўш, бу иллат бизнинг ўзбекона ҳаётимизга қай даражада кириб келган? Афсуски, бу борада биз ҳам қувонарли аҳволда эмасмиз.
Яқин дўстлардан бири ҳикоя қилади:
— Қишлоғимизда бир кишининг ёлғиз ўғли бор. Ўтган ҳафта қўшни қишлоқдаги жўрасининг тўйидан чиқиб келаётганда каналга тушиб кетибди. Шўрликнинг жасадини уч кун деганда топишди.
— Соппа-соғ одам қандай қилиб каналга тушиб кетибди?
— Соппа-соғ бўлмаганда, оғайни, — дейди у оғир тин олиб. — Ичган экан. Отасининг айтишича, буни кимдир уюштирган эмиш. Лекин бунга менинг шубҳам бор.
— Балки отаси ҳақдир. Ахир эсли-ҳушли одам каналга тушиб кетадиган даражада бўкиб ичмас, — дейман юрагим ачишиб. — Қанақа тўй ўзи? Ёнида ҳеч ким йўқ эканми?
— Синфдошининг никоҳ тўйи экан. Тўйда куёвжўра бўлган. Фожеадан ҳеч кимнинг хабари йўқ. Нима бўлганда ҳам бечора ота-онасига қийин бўлди. Бунинг устига иккита боласи ҳам бор эди.
Дўстимнинг бу мудҳиш ҳикоясини тинглар эканман, беихтиёр кўксимда бир оғриқ уйғонгандек бўлди. Кўзининг оқу қораси, ҳаётдаги бирдан-бир умиди — фарзандидан ажралган ота-онанинг аҳволини тасаввур қилдим. Ўн гулидан бир гули очилмаган ёшгина жувон, етим қолган икки нафар норасида бола... хўш, уларда нима гуноҳ?
Ўзингиз ўйлаб кўринг: Аллоҳ таоло сизу биз учун қанчадан-қанча неъматларни ҳозирлаб берди. Бугунги кунда бири-биридан мазали минглаб ичимликлар бор. Ана шунча неъматларнинг ичида бармоқ билан санарлигинасини ман қилди. "Буни ичма, бунинг ортида кўп ёмонликлар бор", деб бизни огоҳлантирди. Аслида бу нарсаларнинг ҳаром қилиниши ҳам сизу бизнинг фойдамиз учундир. Чунки бу ичимликларни истеъмол қилсак, албатта бирор кўнгилсизликка дучор бўлар эканмиз. Бу ҳол яратган зотнинг бизга беҳад меҳрибонлигидандир. Лекин биз нима қиламиз? Минглаб, миллионлаб неъматларнинг ичидан айнан шу таъқиқланганини топиб истеъмол қиламиз. Натижада ўзимиз ҳам, бошқалар ҳам бундан мислсиз зарар кўрамиз. Бу ахир одамларга ва ўз-ўзимизга нисбатан инсофсизликдан бошқа нарса эмас.
* * *
Ўрни келганда бир гапни ҳам айтиб ўтишимиз керак, мана, ҳар йили беш минг нафар юртдошимиз муборак ҳаж зиёратига бориб келмоқда. Албатта, бундай имкониятларнинг шукронасини қилмоқ ҳар бир мусулмонга лозим ишдир. Аммо амалда-чи? Амалда кишини бироз ранжитадиган, ўйлантирадиган ҳаракатлар содир бўлмоқда. Яъни, ҳожилар ўртасида «ҳожи ўтириш» деган бир маросим пайдо бўлди. Айниқса, бу маросим вилоятларда ўзига хос урфга айланиб бормоқда. Йигирма-ўттиз чоғлик ҳожилар йиғилишиб ҳар ойда навбатма-навбат зиёфат уюштирадилар. Ошлар дамланади, қўйлар сўйилади. Худди шу жойда ҳам кимўзарлик «пойга»си бошланади. Ваҳоланки, ўша ҳожи зиёфат учун кетадиган маблағига бирорта мактаб кутубхонасига китоб сотиб олиб бериши ҳам мумкин эди. Лекин уни бу ишга мажбурласангиз ҳам қилмайди. Чунки буни ҳеч ким кўрмайди-да. Ҳеч ким унга қойил қолмайди-да.
Бугунги кунларимиздаги исрофгарчиликларнинг яна бир кўриниши марҳумларга атаб қилинадиган маъракаларимиз тимсолида намоён бўлмоқда. Ўлганларга атаб "етти", "йигирма", "қирқ", "йил оши" сингари маросимлар ўтказиш тўғрисида муборак ислом динига алоқадор бирорта манбада кўрсатма йўқ. Лекин амалда бор. Бўлганда ҳам ҳаддан ортиқ даражадаги кўринишлари мавжуд.
Отасини тириклигида ойда бир марта бориб кўришга эринган фарзанд ўлганидан кейин қозон-қозон ош дамлаб эҳсон қилади. Қабрини ҳашаматли бинога айлантириб ташлайди. Лекин икки калима Қуръон ўқиб, савобини марҳумга бағишлашни билмайди. Ҳатто бундай қилишини тасаввур ҳам қилолмайди. Буни қандай тушуниш мумкин? «Шарҳул Ақийдатут-таҳовия» китобида шундай дейилади: «Қуръон тиловат қилиб, уни марҳумларга ҳадя қилинса, бамисоли рўза ва ҳажнинг савоби марҳумларга етиб боргандек бўлади».
Биз амалда хўжакўрсинга ош берамиз, қабрларга мармартош қўямиз, лекин марҳумга мадад берадиган савобли ишларни қилмаймиз. Ахир уларга атаб қилинаётган маъракаларга кетадиган маблағни кўмакка муҳтож бўлган бирорта бева-бечорага ёки бошқа хайрли ишларга ҳам сарфлаш мумкин-ку!
Инсоф билан айтсак, бугун ҳамма нарса етарли. Боболаримиз кўрган қаҳатчилик, қимматчилик замонларига қиёсан ҳозирги етишмовчиликлар арзимас нарсадир. Энг ёмони, биздан ҳам кўпроқ кўмакка муҳтожларни кўриб кўрмасликка оламиз. Саховат қилишдан қўрқмайлик. Қалбимизни кенг қилайлик. Ана шунда Аллоҳ бизнинг ҳам мушкулимизни осонлаштириб қўяди. Шуларни ўйлаб бувимнинг бир ҳикояси хаёлимда жонланаверади.
— Уруш йиллари, бобонг фронтга кетган, икки ёш бола билан бир ўзим қолганман, — дерди раҳматли. — Тирикчилигимизда сигиримизнинг сутидан бошқа ҳеч вақо йўқ. Ем-хашак камлигиданми, сут икки косадан ошмайди. Қўшнимиз Латофат опанинг аҳволи бизникидан ҳам аянчли. Бояқиш уч нафар фарзанди билан бир ҳолатда эди. Уйимиз ёнидаги анҳор гоҳ кўпириб, гоҳ саёзлашиб оқадиган қиш ойининг охирларида Латофат опанинг умр йўлдоши Муҳсин домладан «қора хат» келди. Мусибатдан бағри куйган Латофат опанинг аҳволи ёмонлашгандан ёмонлашиб борарди. Шу кундан бошлаб мен сигиримиз сутининг бир косасини ҳар куни қўшнимизга улашиб турдим. Кўп ўтмай, Латофат опа ҳам оламдан ўтди. Ундан қолган уч етим болага ким ҳам ғамхўрлик қила оларди. Фақат кичкина Дилшоджонини бувисининг қўлига топширдик. Ҳайҳотдек ҳовлида қолган икки ўғилга аввалгидек сигир сутидан доимий бериб турдим. Бу орада сигирнинг сути уч косага етди. Мен буни кунлар исиб, ўт-ўланлар бўй чўзиб қолганлигидан бўлса керак деб ўйлардим. Яратганнинг лутфу иноятини қарангки, орадан ёз ўтди, куз ўтди, қиш келди, бироқ сигиримизнинг сути сира камаймади. Жонивор сигир учинчи йилга ўтиб болалади. Ўзимнинг ҳам ҳеч ишонгим келмайди. Ахир мен сигиримиз туғишидан атиги уч кун олдин ҳам одатдаги сутни соғиб олган эдим-да...
Танишлардан бири айтади: "Ниҳоятда иқтидорли бир шогирдим бор эди. Олий ўқув юртида ўқирди. Тўлов-контракт пулини беролмай ўқишини ташлаб кетди". Ўйлаб кўрсак, шунчаки риёкорлик учун қилинаётган "йил оши" сингари маросимларга кетадиган харажатнинг атиги ярми шу талаба учун кифоя қилади. Бунинг савоби ўнта, юзта "йил оши"нинг савобидан улуғроқ эмасми? Агар шу иқтидорли талаба етук мутахассис бўлиб етишса, бундан нафақат талабанинг ўзи, балки давлат ҳам, жамият ҳам фойда кўради.
Ортиқча ҳашамдорликка берилишга ҳамма замонларда иллат сифатида қараганлар. Айниқса, бугун кимўзарга тўй-маърака қилиш урфга айланиб қолди. Бу ҳолат шунчаки, инсонни дунёга, бу дегани ўткинчи нарсаларга боғлаб қўяди. Донолардан бири дарж этади: "Дунёни қанча севсанг, дунё сенга шунча яқинлашади. Дунёга қанча яқинлашсанг, ўзингдан шунча узоқлашасан. Ўзингдан узоқлашганинг Ўзликдан (Аллоҳдан) узоқлашганингдир. Ўзликдан узоқлашиш эса ҳайвонлашишдир". Ҳазрати Саъдий айтадилар: "Басра шаҳрида бир арабнинг қизиқ бир ҳикоясини эшитдим. У айтдики: "Бир куни саҳрода йўлимни йўқотиб қўйдим. Ёнимда на ейдиган, на ичадиган бир қултум сув бор эди. Ўлишимга ишониб қолдим. Айни шу пайт кўзим ерда ётган бир тўрвага тушиб қолди. Ўша пайтдаги ҳаяжонимни ҳеч унутолмайман. Тўрвага ўзимни отдим. Қарасам, унинг ичи тўла олтин экан. Буни кўриб, шунчалар хафа бўлдимки, ҳеч қачон бундай изтиробга тушмаган эдим".
Қадимда бир ҳукмдор ўзининг беҳисоб мол-давлати билан оламга машҳур экан. Шу билан бирга, у ўзи суянган ягона инсон – устозини доимо ҳурмат қилар экан. Кунларнинг бирида у устозига савол берибди:
– Устоз, сиз бу дунёнинг ишларига бепарво одамсиз. На бойлик тўпладингиз, на давлат. Бир куни бу нарсалар сизга асқотиб қолишини ўйлаб кўрмадингизми?
Устози унинг саволи ҳақида ўйлаб туриб, ҳукмдорнинг саволига савол билан жавоб берибди:
– Мабодо, сен кимсасиз саҳрога тушиб қолсангу, жон сақлаш учун бир пиёла сув эвазига ярим давлатингни бериб юборармидинг?
Ҳукмдор ҳеч ўйлаб ўтирмасдан жавоб берибди:
– Агар тирик қолиш учун бўлса, албатта бериб юборардим.
– Орадан бироз муддат ўтгач, сени яна ташналик қийнай бошласа, ўлмаслик учун яна бир пиёла сувга қолган ярим давлатингни ҳам бериб юборармидинг?
– Албатта берардим, устоз. Ахир инсоннинг ҳаёти бебаҳо-ку! – дебди ҳукмдор.
Шунда муҳтарам устоз айтибдики:
– Кўрдингми, сенинг подшоҳ бўлиб йиққан шунча молу давлатинг бор-йўғи икки пиёла сувга арзиркан. Демак, мен унинг ташвишини қилмасам ҳам бўлади.
Дарҳақиқат, инсон мана шу "икки пиёла сув" учун ўзи билмаган ҳолда ҳар икки дунёсининг саодатини сотиб юборади. Бу қанчалар аянчли савдо! Бундан Ўзи асрасин!
* * *
Исрофгарчиликларнинг яна бир кўринишини кейинги пайтларда ҳашаматли иморатлар қуриш тимсолида кузатишимиз мумкин. Тўғри, иморатни ҳам маблағи бор, ўзига тўқ кишилар қурадилар. Лекин бир нарсани эсдан чиқармаслик керак. Муборак ҳадисларда айтиладики, бой кишиларнинг зиммасида бева-бечораларнинг ҳам маълум даражада ҳақлари бор. Аллоҳ таоло неъматларни мўл қилиб берган кишилар мана шу ҳақни адо этишлари керак. Шунинг учун ҳам жамиятда бир қадар ижтимоий адолатни барпо этиш мақсади билан динимизда закот бериш, яъни бой кишиларнинг камбағалларга молининг қирқдан бирини эҳсон қилишлари шарт қилиб қўйилган.
Ривоят қиладиларки, Мусо алайҳиссалом замонида Қорун исмли бир бадавлат киши яшаган экан. Бойлигига ишонган Қорун ҳар доим Мусо алайҳиссаломни масхара қиларкан. Бир куни Қорун бир фоҳиша аёлга бир сиқим олтин бериб:
— Мусо ваъз айтиб турганда сен бориб: "Эй Мусо, кундузлари одамларга панд-насиҳат қиласан, кечалари бўлса чоғир ичиб мен билан ишрат сурасан", дегин. Буни эшитиб Мусо шарманда бўлсин, — дебди.
Хотин хўб деб олтинни олибди-да. эртаси кун Мусо алайҳиссалом халқни тўплаб панд-насиҳат қилиб турганда, Қорун ўргатган гапларни айтмоқ учун келиб Мусога юзланибди:
— Эй Мусо, Қорун мени чақиртириб, "Халқ тўпланганда Мусога бўҳтон қил", деб айтди. Мен сизга нима учун бўҳтон қилай?..
Бу гапни эшитиб Мусо алайҳиссалом паришонҳол бўлибди... Шунда илоҳий нидо келибдики: "Э, Мусо, Қорунга айт, мол-дунёсининг ярмини камбағалларга эҳсон қилсин".
Бу гапни Қорунга бориб айтибдилар. Қорун айтибдики:
— Мен сенинг худойингдан ҳеч нарса олганим йўқ, шундай бўлгач у ҳам мендан бирон нарса тиламасин.
"Мол-дунёйингни тўрт қисмга бўлиб, бирини фақирларга бер", деган хитоб бўлибди. Қорун буни ҳам қабул қилмабди. Қулоқларига ғафлат пахтасини тиқиб, аччиғи борган сари зиёда бўлибди.
Шунда Мусо дарғазаб бўлиб:
— Эй ер, Қорунни ютгил! — дебди.
Шу ондаёқ ер уни ошиғигача ютибди. Лекин, барибир қабул қилмабди. Тиззасигача, охири бўғзигача ютибди. Шундан кейин "энди қабул қилдим" , дебди. Уни ер қаъридан суғуриб олиб қўйиб юборибдилар. Қорун чиқиб мол-дунёсининг қирқдан бирини тарқатиб берибди. Чорваси саҳрони тутар экан. Лекин ундан биронтасини ҳам бермабди.
Буни кўрган Мусо алайҳиссалом яна:
— Эй ер, Қорунни ютгил! — дебди.
Аллоҳ таолонинг хоҳиши билан ер уни белигача ютибди. Шунда Қорун айтибдики:
— Эй Мусо, Фиръавннинг молини олиб лаззатландинг, энди менинг молимни олмоқчимисан?
Бу гапдан кейин Қоруннинг инсофга келишидан буткул умидини узган Мусо алайҳиссалом:
— Эй ер, Қорунни ютгил! — деб ерга амр қилибди.
Қорун тамом тахту бахти ҳамда саройлари билан ер қаърига кириб кетибди. Ундан ном-нишон қолмабди.
Бу шунчаки ривоят эмас. Бу воқеа улуғ Қуръони каримнинг оятлари билан собитдир. Демак, камбағалларга, бева-бечораларга ёрдам бериш, ҳамдард бўлиш ҳамма замонларда, ҳамма маконларда бой кишилар учун ҳам фарз, ҳам қарз бўлиб келган.
Бир бадавлат киши янги қуриб битказилган шоҳона уйининг деразасидан ташқарига боқиб, фахрланиб ўтирган экан. Шу пайт кўчадан бир жулдур кийимли дарвеш ўтиб қолибди. Дарвеш янги қурилган иморатга ҳайрат билан қараётганини кўрган бой:
— Қалай, боплабманми? — деб сўрабди.
Дарвеш айтибдики:
— Тақсир, бу уйни-ку боплабсиз, лекин охиратдаги уйни қандай қурдингиз? Ўша уй ҳам бу дунёдагисига ўхшаб бекаму кўстми?
Хўш, бу саволга бизнинг қандай жавобимиз бор? Ҳамма гап мана шу саволнинг жавобида. Шундай экан, яратган зот инъом этган неъматларнинг шукронасини сидқидилдан адо этишга шошилмоғимиз керак. Кўпинча инсонлар неъматнинг қадрига у қўлдан кетгандан сўнггина етадилар. Соғлиқнинг қадри беморликда, бойликнинг қадри фақирлик етганда, тинчликнинг қадри эса нотинчлик вақтида билинади. Неъматнинг бардавом бўлиши эса унинг шукри адо этилишига боғлиқдир.
Абдувоҳид ЎРОЗОВ |