|
Сиз қандай фикрдасиз, жаноблар?
(11.06.2009 22:00:00)
Ислом дини тўғрисида айтилаётган ҳар хил бўлар-бўлмас гапларга қарши курашиш ишларига шу кунларда астойдил киришганмиз. Назаримизда, баъзи марказлар ва айрим матбуот органлари исломга қарши курашувчиларнинг яширин бир иттифоқини тузишганга ўхшайди. Туркий ва ҳатто ўзини мусулмон деб ҳисоблайдиган баъзи сохта зиёлилар турли гуруҳлар сафида туриб ҳужумга ташланмоқчилар. Қуръони каримнинг (улар устида тортишиб бўлмайдиган) амрларини, динимизнинг ўзгармас ва асл ҳукмларини нишонга олиб, уларга қаттиқ ҳужум қилмоқдалар. Ғайриахлоқий, порнографик нашрлар жуда катта тиражларда чоп этилаяпти... Бир томондан, бузуқ ислоҳотчилик ғоялари билан диндорларни йўлдан оздиришга ҳаракат қилинаётган экан, иккинчи томондан диннинг пойдевори, асосларини парчалашга уринилаяпти. Кимдир чиқиб олиб, халқимизни чўчқа, тўнғиз боқишга, ҳаром бўлган чўчқа гўштини ейишга ташвиқ қиляпти; кимдир хотинлар ой кўрганда (ҳайз кўрганда) улар билан яқинлик қилмаслик ҳақидаги тақиқимизни бузишга уринаяпти; баъзилар бизнинг одоби муошаратимизга, яъни яшаш тарзимиз, турмушимизнинг одобларига тил теккизяпти; яна айримлари суюкли Пайғамбаримизнинг ҳикмат тўла ҳадиси шарифларини карикатура(кулгили расм)лари билан ўзича мазах қиляпти... Нақадар мудҳиш жоҳиллик!
Бизнинг шонли тарихимиз, ҳар қанча ифтихор туйишга арзийдиган юксак маданиятимиз бор. Орамиздан чиққан баъзи бировлар эса, худди аввалдан европалик, француз ёки кофир қилиб яратилгандек, ўзлигига зид иш тутмоқда. Ўзини ўта маданиятли замонавий инсон деб ҳисоблаб, калта ақли билан бетайин, беўй, боқибеғам европаликни ўзига намуна қилиб олган, аслида ўзи ижтимоий ва маданий қонун-қоидаларимиздан бехабар бўла туриб, халқимизга хос азалий урф-одатларимиз, исломий маросимлар, эътиқодимиз, ибодатларимизга тош отиб кўраяпти. Кўр-кўрона тақлид ва европаликларга қаттиқ мойиллик, «Ғарб доимо яхши, Шарқ ҳар доим ёмон» деганга ўхшаш фикр хасталиги... Буни бошқача баҳолаб бўлмайди.
Тобора маълум бўлиб қоляптики, халққа йўл кўрсатиш даъвосида бўлган бир талай иғвогар ёзувчилар(аризакашлар)имиз ҳеч ҳам яхши тарбия олишмаган экан. Бундан шундай хулосага келинадики, ярим асрлик дунёвий миллий таълимимиз халқимизда шахслик хусусиятларини камол топтира олмабди, ўзимизнинг асл маданиятимизни севишга ўргата олмабди. Бу мудҳиш натижа ҳисобланади... Бу касалликдан ўзини фақат динимизга маҳкам боғланганларгина қутқара олганлар.
Биз айтаётган ярим тажовузкор одамлар ҳеч ҳам маданиятли ва олижаноб инсонлар эмас. Чунки уларнинг валинеъмати бўлган (жуда кўп яхшилиги сингган) халқининг закосига, тафаккурига, эътиқодига, маданиятига, шахсларига ҳурмати йўқ. Агар гап ўзларининг манфаатлари устида кетадиган бўлса «дин ва виждон эркинлиги» дея тилларидан туширмайдиган шиорни ҳам бир четга суриб қўйишади; диндорларга қарши тазйиқ воситаси сифатида қўллашга одатланиб қолган демократия ва дунёвий ҳур фикрлилик тушунчаси эса фақат оғизда ва қоғозда қолиб кетади.
Иккинчидан, бу жаноблар айни пайтда дунё аҳлининг исломга муносабатидан мутлақо бехабар, бу масалада замондан орқада қолиб кетишган. Жаҳоннинг юксак тараққий этган мамлакатларида амалга оширилаётган янги исломий тадқиқотларни, фикр тарихидаги янги ўзгариш ва ривожланишларни билишмайди. Шу яқин кунларда ислом динини қабул қилган буюк замонавий мутафаккирларнинг номларини ҳатто эшитишмаган ҳам.
Улар интилаётган Ғарб ҳаётида пиво, шароб, судхўрлик, сигарета, чўчқа гўшти... мавжуд бўлиб, уларнинг зарарлари ҳақида замонавий тадқиқотлар бор. Ғарб кундан-кунга исломга яқинлашаётган бир пайтда бизникилар нима жин уриб бунинг тескарисини қилишяпти, билмайман.
Мусулмонларга интилайлик, биродарлар!
Томоқ узилгудек бўлиб беҳуда бақиришлардан, одобсизлик билан шовқин солишлардан хулоса чиқарайлик, кўзимизни очайлик. Таълим-тарбия, тарғиботу ташвиқот ишларининг, матбуот, газета, журналнинг аҳамиятини, ҳукуматларни силкитган, вазирларни мансаб курсисидан туширган кучини кўриш, овозимизни эшиттириш учун мана шу соҳаларга керакли эътибор қаратишга мажбурмиз.
Бир ҳовуч инсон – халқига, миллатига, аждодларига, эътиқодига зид иш тутаётган бир ҳовуч калтафаҳм чала зиёлилар бир қошиқ сувда тўфон турдириб, буюк ҳақиқатларни бузиб кўрсатиш билан халқнинг довдираб, ўзини йўқотиб қўйишига сабаб бўляпти.
Баъзи террорчилар моддий томондан катта имкониятларга эга, кенг кўламда тарғибот ишларини олиб боришига кўмаклашувчи воситалари бор. Улар тўғрини эгри, эгрини тўғри, яхшини ёмон, ёмонни яхши деб кўрсата олиш салоҳиятига эга. Илмийлик ва замонавийлик ниқобларидан фойдалангани учун кенг халқ оммаси уларнинг асирига айланиб қоляпти, ҳақиқатни биладиганлар эса бироз ҳайрат, бироз ибрат билан уларни кузатиб турибди, оқибати нима билан тугашини жим кутиб ўтирибди. Биз бу ишларнинг оқибати нима бўлишини биладиган ватан ўғлонлари сифатида жим турмаслигимиз керак. Ҳақиқат ва эзгуликни айтиш керак бўлган пайтда жим туришлик катта гуноҳдир; амри маъруф ва наҳйи мункар динимизнинг энг муҳим фарзларидан, бизнинг энг муҳим вазифаларимиздан биридир. Агар биз одамларга ҳақиқатларни англатишни бошласак, ҳар ким кўпчилик қайси фикр тарафида эканини дарров фаҳмлаб олади; ёмон ниятли ва бузуқ фикрдаги инсонлар бизнинг улкан жамоамиздан ҳайиқишга тушади, қўрқиб ортига чекина бошлайди. Бу бўлаётган воқеалардан хафа бўлиб, миллатнинг ўзини бу балолардан қандай қилиб қутқаришини ўйлаб мотам тутаётган хайрихоҳ кишиларнинг юзларига табассум югуради, оёқларига жон киради.
Қандай жамият ва жамоа ичида яшаётган бўлсангиз ҳам, ўз асл исломий қарашларингизни билдиришдан, динимизга тажовуз қилаётганларга маърифат, мантиқ, имон йўлини кўрсатишдан – Аллоҳ таолонинг ҳаққи-ҳурмати – бир он бўлса-да қайтманг, азиз ўқувчиларим! Чунки бу ҳам исломий жиҳоднинг энг асл жабҳаларидан биридир
Журналнинг 1985 йил октябрь сонига ёзилган мақола. |