|
Қурайш сураси
«Мунир» тафсиридан
Суранинг бошида Қурайшга Аллоҳ неъматларини эслатгани учун "Қурайш сураси" деб номланган. Сура ичига олган нарса Маккада туширилган бу сурада Макка аҳлига, яъни, Қурайшга Аллоҳ берган бир неча неъматлар саналган. Аллоҳ уларнинг сўзларини бир қилди. Ўзларини иноқ қилиб, бой-бадавлат яшашлари учун қишда Яманга ва ёзда Шомга эркин тижорат сафарига чиқиш имкониятини берди. Ва уларга омонлик шаҳрида бирор киши билан низолашмасдан хотиржам ва тинч яшаш неъматини ато этди: "Улар мана шу Уйнинг Парвардигорига ибодат қилсинлар. У Зот уларни очликдан (қутқариб) таомлантирди ва хавфу хатардан тинч қилди". Суранинг фазилати Имом Байҳақий "Хилофиййот" китобида Умму Ҳоний бинти Абу Толибдан (розийаллоҳу анҳо) ривоят қилади: "Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай дедилар: "Аллоҳ Қурайшни етти хислат билан ортиқ қилди: 1) мен қурайшликман; 2) набий улардан; 3-4) Каъба ёпқичини тикиш ва ҳожиларга сув улашиш уларда; 5) фил эгалари (яъни, Абраҳа қўшини) устидан ғолиб қилди; 6) бошқалар Аллоҳга ибодат қилмаган ўн йилда улар ибодат қилишди; 7) Аллоҳ улар ҳақида Қуръонда сура туширди", деб Қурайш сурасини тиловат қилдилар. Ибн Касир бу ҳадисни ғариб деган. Суранинг нозил бўлиши сабаби Имом Ҳоким ва бошқалар Умму Ҳоний бинти Абу Толибдан (розийаллоҳу анҳо) ривоят қилади: "Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): "Аллоҳ Қурайшни етти хислат билан ортиқ қилди", дедилар. Бу ҳадисда: "Улар ҳақида сура нозил бўлган, унда улардан бошқалар зикр қилинмаган", деган қўшимчаси бор. Тафсири ва баёни "Қурайшга осон қилиб қўйилгани – уларга қиш ва ёз сафари осон қилиб қўйилгани учуноқ улар мана шу Уйнинг Парвардигорига ибодат қилсинлар!" Яъни, Қурайшга икки сафарни осон қилиб қўйилгани учун улар Парвардигорларига шукр қилиб ибодат этсин. Қурайш аҳли қишда Яманга Ҳиндистон ва Халиж ўлкаларидан келтирилган атирлар ва зироворлар сотиб олиш учун сафар қилишарди. У ерлар қишда иссиқ бўлади. Ёзда эса дон ва зироат маҳсулотлари учун Шомга сафар қилишарди. У ер ёзда иссиқ бўлади. Қурайшнинг тирикчилиги фақат тижорат билан эди. Бу икки ёққа борилмаса, Маккада яшаб қолишнинг бошқа манбаи йўқ. Қолаверса, Байтуллоҳга қўшни сифатидаги омонлик бўлмаганида у ерда эркин яшаб бўлмасди. Уларга ҳужум қилишмас, араблар "Қурайш Байтуллоҳнинг аҳли", дейишар эди. Қурайшга бу эҳтиром ва иззат Байтул Ҳаром туфайли эди. Улар бу неъматга иқрор бўлиб, танҳо Аллоҳга ибодат қилиши лозим... Муҳаммад ибн Исҳоқ ва Абдураҳмон ибн Зайд ибн Асламларнинг фикрича, бу сура ўзидан олдинги сура билан боғлиқ. Сура маъноси: филларни Маккага киришдан тўсдик, Қурайш ўз шаҳарида омон, жам бўлиб яшаши учун фил эгаларини ҳалок қилдик, улар бошқа неъматлар учун Аллоҳга ибодат қилишмаса ҳам, бу икки неъмат — фил эгаларини тў-сиш неъмати ва Байтул Ҳаромга қўшни яшаш неъмати учун ибодат қилишсин. Имом Розий оятнинг "Мана шу Уйнинг Парвардигорига ибодат қилсинлар!" мазмунини тафсирлаб: "Билинглар, инъом икки хил бўлади: бири — зарарни дафъ қилиш, иккинчиси — манфаат келтириш. Биринчиси муҳим ва муқаддимдир. Шунинг учун, зарарни дафъ қилиш вожиб, дейилган. Манфаат келтириш вожиб эмас, Аллоҳ таоло Фил сурасида зарарни дафъ этиш неъматини, бу сурада эса, манфаат келтириш неъматини баён этди. Мана шу икки буюк неъмат учун Унга ибодат қилишни буюрди: "Мана шу Уйнинг Парвардигорига ибодат қилсинлар!". Ибодат маъбудга ғоят даражада бўйин эгиб, ўзини хор тутишдир. Аллоҳ таоло Қурайшга ато этган яна бир неъматни зикр қилиб, Ўзини васф этган: "У Зот уларни очликдан (қутқариб) таомлантирди". Яъни, У бу Уйнинг Раббидир. Улар оч бўлганида озуқ берувчи Удир. Уларга ризқларини тўкин қилиб, бу икки сафар сабабли ризқ йўлларини осон этди. Олдин бўлган қаттиқ очликдан халос қилди. "Ва хавфу хатардан тинч қилди". Яъни, уларга тинч-омонлик ва турғун ҳаёт берди. Шундай экан, фақат Аллоҳга ибодат қилишсин. Санам, бутларга ибодат қилишмасин. Ибн Касир айтадилар: "Ким бу амрга бўйсунса, Аллоҳ унга дунё ва охират омонлигини беради. Ким Аллоҳга бўйин эгмаса, уни бу икки неъматдан маҳрум қилади. Наҳл сураси 112–113-оятлари мазмуни бундай: "Аллоҳ бир шаҳарни (яъни, Маккани) мисол келтирур: у тинч, сокин (шаҳар) эди, ҳар томондан ризқу рўзи бекаму кўст келиб турар эди. Бас, (қачон) у (яъни, унинг аҳолиси) Аллоҳнинг неъматига ношукрлик қилгач, Аллоҳ у (шаҳар аҳолисига) бу "ҳунар"лари (куфру исёнлари) сабабли очарчилик ва нотинчлик балосини тотдириб қўйди. Дарҳақиқат, уларга ўзларидан бўлган бир пайғамбар келганида уни ёлғончи қилишгач, уларни золим бўлган ҳолларида (Аллоҳнинг) азоби ушлади". Араблар тез-тез бир-бирларининг устига ҳужум қилиб туришар, баъзиларини асирликка олишар эди. Байтул Ҳаром борлиги учун Қурайш бу балодан, шунингдек, фил билан келган Ҳабашистон (Абраҳа) аскарларидан ҳам омонда қолди. Анкабут сурасининг 67-ояти мазумуни бундай: "Улар ўзларининг атрофларида одамлар талон-тарожга дучор бўлаётгани ҳолда Биз ҳарамни (яъни, Маккани) тинч-осойишта қилиб қўйганимизни кўрмадиларми?" Сурадан ўрганганларимиз Аллоҳ таоло бу сурада Қурайшни, яъни, Назр ибн Кинона болаларини ҳисобсиз неъматлар ато қилган Парвардигорга ибодат қилишга амр этди. У неъматлар қуйидагилардир: 1. Фил эгаларини ҳалок қилиб, Маккага киришдан тўсди. Бу нарса содир бўлиши аниқ катта зарарни дафъ этишдир. Агар Аллоҳнинг инояти бўлмаганида улар Байтул Ҳаромга қўшни бўлиб, хотиржам, омон ва саломат яшаш бахтига эришмас эди. 2. Ҳар хил таом ва кийим тижорати учун қишда Яманга, ёзда Шомга сафар қилишлари сабабли ризқларини тўла-тўкис қилиб берди. Бошқа араб қабилаларининг ҳужумидан асради. 3. Хавфлардан омонда бўлиш неъмати. Улар Макка ичида ҳам, ташқарисида ҳам тижорат ва касб учун сафарга чиққанларида хавф-хатардан омон эдилар. 4. Уларни Шарафли Каъба, Байтул Ҳаромга қўшни қилди. Байтуллоҳ уларнинг азизлиги ва шарафлари асосидир. Улар Байтуллоҳ сабабли шарафга эришишди. Хулоса: Аллоҳнинг Қурайшга берган неъматларини санаб адоғига етиб бўлмайди. Улар бошқа неъматларга шукр қилишмаса, очиқ кўриниб турган мана шу иккита неъматига — қиш ва ёзда осон қилинган икки сафар неъматига шукр этиб, ибодат қилишсин! Зеро, Ибн Абу Ҳотам Асмо бинти Язиддан (розийаллоҳу анҳо) қилган ривоятда Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): "Қурайш, сизларга вой бўлсин!" деганлари, бошқа ривоятда эса: "Қурайшга қиш ва ёз сафари осон қилингани учун, эй Қурайш, сизларни очликдан қутқариб таомлантирган ва хавфу хатардан тинч қилган Аллоҳга ибодат қилинглар", деб марҳамат қилганлари келтирилади. Анвар АҲМАД таржимаси “Ҳидоят”, 2005 10-сон |
UzIslam.Com, http://www.uzislam.com