(16.08.2009 23:15:50) | (312 марта ўқилди)
Бисмиллаҳир-Роҳманир-Роҳийм.
Аллоҳ таъолога чексиз ҳамду санолар бўлсин.
Ҳазрати Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га сўнгсиз салоту саломлар бўлсин.
Ушбу Қуръон мусобақаси илм мусобақаси бўлиб, Қуръоний билимлар синовидир. Мақсад гўзал исломий маданият, одоб ва ахлоққа, Қуръоний илмларга, тўғри-саҳиҳ иймон-эътиқодга, меҳр-муҳаббат ва бағрикенгликка тарғиб қилишдир. Унда ақоид, фиқҳ, тарих, география, астрономия ва бошқа соҳаларга оид саволлар бор. Баъзи саволлар дунёқарашни ва заковатни синаш учундир.
Ғолиб бўлган ва иккинчи ўринни олган киши учун имтиёзли мукофотлар бор. Яна уч киши эгаллаган ўрнига қараб мукофотланади.
Энг кўп саволга тўғри ва тўлиқ жавоб берган киши ғолиб бўлади. Фақат камида 173 саволга жавоб бериш шарт. 173 саволга ҳеч ким жавоб бера олмаган тақдирда беш киши эгаллаган ўрнига қараб мукофотланади, аммо ҳеч ким имтиёзли мукофотларни қўлга киритмайди.
Тўлиқ жавоб тўғри жавоб берилган бўлиб, Қуръон ёки тафсирдан далили келтирилган жавобдир. (Далилини тўлиқ қайд этиш зарур бўлмаган ўринларда манбаъсини, яъни қайси сура ва нечанчи оят эканлигини кўрсатиш кифоядир. Аммо далили келтирилса, афзалроқ.)
Тўлиқсиз жавоб Қуръон ёки тафсирдан далили келтирилмаган жавобдир.
Энг афзал жавоб аниқ далили келтирилган, арабий матнлари илова этилган ва қўшимча далиллар билан бойитилган жавоблардир. Ғолибни аниқлашда, айниқса, ана шу афзаллик ҳисобга олинади. Жавоблар саноғидан кўра сифати, яъни афзаллигига кўпроқ эътибор қаратилади.
Ҳайъат тўғри жавоблар андозаси асосида илмий холислик билан иш кўради.
Жавобларни тез ва тўғри топиш, далилларни танлашда Қуръони каримнинг аҳли суннат вал-жамоат қабул қилган барча таржима ва тафсирларидан, уларнинг электрон нусхаларидан, фиҳрист ва мавзу кўрсаткичларидан, Қуръони карим сўзларининг кўрсаткичли луғатларидан, халқаро алоқа (Интернет) маълумотларидан фойдаланиш мумкин.
Жавобларни қўлёзма ҳолида ҳам, компьютерда ёзиб ҳам топшириш мумкин. Қўлда ёзилгани афзалроқ. Чунки унутилмас илм бўлади.
Манбаъларни кўрсатишда шартли қисқартмалар қилиш мумкин. (Масалан, «Руҳул-баён» - «РҲ», «Тафсири Ҳилол» – «ТҲ», «Бақара», 185; «Духон», 2-3.)
Саволлар ҳижрий 1430 йил, 1-рамазон куни саҳарлик вақтидан бошлаб эълон қилинади.
Жавобларни топшириш ва йиғиб олишнинг охирги муддати 1430 йил, Рамазон Ҳайитигачадир.
Ўз шахсига тегишли сабаб билан (масалан, бехабарлик туфайли) саволларни кеч олган кишилар ҳам мусобақада қатнашавериши мумкин. Аммо жавобларни белгиганган муддатда – Рамазон Ҳайити куни топшириши шарт.
Аллоҳ таъоло юртимизни тинч қилиб, халқимизни моддий-маънавий фаровон этсин. Ҳар бир мўъминга фойдали илм ато айлаб, тақво мусобақасида пешқадам бўлишни насиб айласин!
- Мавзу: Янгиликлар
- Баҳо: 5 / 5