Янгиликлар

Ушбу мавзу ичида қидириш: Ҳадис

[ Бош саҳифага | Янги мавзу танланг ]

РАСУЛУЛЛОҲ СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМНИНГ ҚОРТИҚ БИЛАН ҚОН ОЛДИРГАНЛИКЛАРИ

(13.03.2010 14:00:00) | (18 марта ўқилди)
РАСУЛУЛЛОҲ СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМНИНГ ҚОРТИҚ БИЛАН ҚОН ОЛДИРГАНЛИКЛАРИ ҲАҚИНДА БАЁН ҚИЛИНАДИ

Хижом калимаси михжама билан қон олиш деганидир. Миҳжама - қон оладиган асбобнинг номи. Қон олдириш бадан муолажаларидан бири бўлиб, хаста одам учун муолажа қилдирмоқ таваккул сифатига хилоф эмас. Арбобу таваккул имомларининг пешволари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдирлар. У Жаноб соллаллоҳу алайҳи васаллам қилган ишни хилофи таваккул демоқ ҳам жаҳолатдир. Банда билмоғи лозимки, таваккул маъноси сабабларни рўёбга чиқариб, сўнг Худога суянмоқдир.

283. Хумайд дедиларки, Анас розияллоҳу анҳудан “Қон олгувчининг ужраси ҳақида жоизми ё ножоизми?” деб савол қилинди. Анас дедилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайхи васаллам хижомат қилдирдилар. Абу Таййиба исмли киши қонларини олди. Кейин унинг ужраси учун икки соъ таом буюрдилар. Ва унинг ҳожаси билан сўзлашиб хирожидан бир соъ кам қилдирдилар. Ва дедиларки, қилиб юрган иложларингизнинг яхшиларидан бири қон олдирмоқдир”.
И з о ҳ. Абу Таййиба Бани Хориса жамоасининг қули эдилар. Хожалари деган эдики: Ҳар кун бизга уч соъ хурмо топиб келтириб берсанг, ортгани ўзингга. Бу одам қортиқ қўйиб, сўриб қон олишни билар эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу одам қулидан кон олдириб, ҳақига икки соъ таом ё хурмо буюриб бердилар. Ва хожалари билан сўзлашиб, ҳар кун берадиган уч соъ хурмони икки соъга туширдилар. Кейин хижомат муолажаси муолажаларнинг яхшилардан бири эканлигини баён қилдилар. Бу ҳадисдан яна маълум бўладики, хижомат қилиб олинган ужра халол экан.

РАСУЛУЛЛОҲ СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМНИНГ АХЛОҚ ВА ОДАТИ ШАРИФАЛАРИ ҲАҚИДАГИ ҲАҚ

(05.03.2010 14:00:00) | (33 марта ўқилди)
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ахлоқ жамила ва одат шарифалари тамоми оламга машҳурдир. Дўст ҳам, душман ҳам эътироф этади. Ҳаммадан зиёда таъриф Қуръони каримнинг «Нун» сурасида Яратувчи Холиқ тарафидан билан Қиёматгача ислом меҳробларида тиловат этилади. Ҳақ жалла ва ъало марҳамат килади: “ВА ИННАКА ЛАЪАЛО ХУЛУҚИН АЗИЙМ”. Яъни, эй Муҳамад, шубҳасиз, сиз албатта, ниҳоятда буюк бир хулқ соҳибидирсиз.

Ҳадис китобларидаги мазмунларнинг зиёда хислати шу муборак хулқу азиз таърифидир. Соллаллоҳу ало соҳибиҳи васаллам.

267. Хорижа ибн Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу дедилар: Бир жамоа Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу ҳузурларига келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аҳволи шарифларидан бизларга баён беришини сўрадилар. Зайд дедилар: Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ахволларидан сизларга нимани баён қилай? Мен Жанобга ҳамсоя эдим. Қачон вахий нозил бўлса, менга одам юборар эдилар. Мен бориб, ёзиб берар эдим. Жанобнинг одатлари биз сахобалар қачон дунёдан сўз қилсак, дунёдан сўз қилар эдилар ва қачон охиратдан сўз қилсак, охиратдан сўз қилар эдилар. Қачон таомдан сўз қилсак, таомдан сўз қилар эдилар. Мана шу баён қилган нарсаларим Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам ахволларидир. (Яъни, хулқларининг олийлигидан асҳоблари билан ҳар қандай суҳбатда ҳамроҳ бўлар эдилар. Лекин Жаноб баёнлари ва ширкатлари тамоми бефойда нарсалардан пок бўлиб, қайси бобда сўзласалар, ҳамнишинлари учун фойда ва манфаатнинг ўзи бўлар эди).

РАСУЛУЛЛОҲ СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМНИНГ ТАВОЗЕЪЛАРИ

(27.02.2010 14:00:00) | (43 марта ўқилди)
РАСУЛУЛЛОҲ СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМНИНГ ТАВОЗЕЪЛАРИ ҲАҚИДА ВОҚЕАЛАР

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тавозеъларининг воқеалари мингдан зиёдадир, ҳаммасини баён қилиб бўлмайди. Унинг учун мусанниф рахимаҳуллоҳ тарафидан бу китобида бир неча ҳадис табаррукан зикр қилинган.

256. Умар ибн ал-Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: Эй, мусулмонлар, сизлар мени мадҳ ва таъриф этишда насоролар Исо алайҳиссаломни мадҳ ва таъриф этгани каби ҳаддан ошманглар ва муболаға қилманглар. Ҳақиқат шуки, мен Аллоҳ Таолонинг бандасиман. Сизлар ҳам мени Аллоҳ Таолонинг бандаси ва Расули деб ёд қилинглар. (Яъни, ёд қилганда ундан ширк ё ғулув тушуниладиган лафзлар истеъмол қилинмасин).

257. Анас розияллоҳу анҳу дедилар: Бир аёл Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келди ва деди: Ё Расулаллоҳ, менинг хос ўзларига бир хожатим бор, шуни арз қилмоқчиман. Жаноб дедилар: Мадина кўчаларидан қайси бир кўчани хоҳласанг, шунда ўтир, мен бирга ўтириб арзингни эшитай.

РАСУЛУЛЛОҲ СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМНИНГ ТЎШАБ ЁТАДИГАН ЁТОҚЛАРИ

(19.02.2010 14:30:00) | (38 марта ўқилди)
БУ БОБДА РАСУЛУЛЛОҲ СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМНИНГ ТЎШАБ ЁТАДИГАН ЁТОҚЛАРИ ҲАҚИДА БАЁН ҚИЛИНАДИ

254. Оиша розияллоҳу анҳо дедилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ётадиган ва устида ухлайдиган тўшаклари чармдан (яъни ичига хурмо дарахтининг пўстлоқлари солинган теридан) эди.

255. Имом Муҳаммад Бокир рахимаҳуллоҳ дедилар: Оиша розияллоҳу анҳодан бир киши савол қилди: “Ўзларининг уйларида Сарвари коинот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тўшаклари қанақа эди?” Жавоб бердиларки, “тўшаклари ичига хурмо дарахтининг пўстлоғи тўлдирилган чарм эди”. Ҳафса розияллоҳу анҳодан бир киши сўради: “Сизнинг уйингизда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тўшаклари қанақа эди?” Дедилар: “Жундан бўлган бир қўпол чодар эди, биз уни икки буклаб, Жанобнинг остларига тўшаб берар эдик. Устида Жаноб ором олар эдилар. Бир кеча мен дедим: Шу чодарни агар тўрт буклаб берсам, таглари мулойим бўлар эди. Кейин мен уни тўрт буклаб тўшаб бердим. Тонг отганда Жаноб соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: Бу кеча менинг остимга нима тўшаб бердинглар? Мен дедим: Ўзларининг ҳар кунги тўшакларини тўрт буклаб бердик, ўзларига мулойимроқ бўлсин дедик. Жаноб дедилар: Бу тўшакни аввалги ҳолига қўйиб тўшанглар, тўрт букламанглар, унинг мулойимлиги менинг таҳажжуд намози учун тезроқ туришимга монеъ бўлди.

Абу Исо Муҳаммад ат-Термизий, “Шамоили Муҳаммадийя”

РАСУЛУЛЛОҲ СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМНИНГ ЙИҒЛАГАНЛИКЛАРИ

(11.02.2010 14:00:00) | (73 марта ўқилди)
БУ БОБДА РАСУЛУЛЛОҲ СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМНИНГ ЙИҒЛАГАНЛИКЛАРИ ВА ЗОРИЛАРИ ҲАҚИДА БАЁН ҚИЛИНАДИ

Инсоннинг йиғлаши бир неча сабабдан бўлади. Гоҳо бир кишига раҳми келиб йиғлар, гоҳо қўрқиб йиғлар, гоҳо соғиниб йиғлар, гоҳо хурсандликдан йиғлар, гоҳо оғриқдан йиғлар, гоҳо хафаликдан йиғлар, гоҳо мазлумликдан йиғлар, гоҳо тавба қилиб йиғлар, гоҳо мунофиқликдан ёлғон йиғлар. Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг йиғилари аксари бирор ўлган мусулмон ҳолига ачиниб, раҳмлари келиб, шафқатдан бўлар эди, ёки Аллоҳ Таолодан қўрқиб ва Унинг муҳаббатидан йиғлар эдилар.

248. Абдуллоҳ ибн Шиххир розияллоҳу анҳу дедилар: Бир кун мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келдим. Жаноб намозга машғул эканлар. Ичларидан йиғлаганликларидан гўё мис қозон қайнаб турган каби овоз келар эди.

249. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу дедилар: Бир кун менга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайхи васаллам “Қуръон ўқиб эшиттир” дедилар. Мен дедим: “Ё Расулаллоҳ, мен ўзларига ўқиб эшиттирайми, ҳолбуки, Қуръони карим ўзларига нозил бўлгандир”. Жаноб дедилар: “Мен Қуръонни бошқадан эшитишни дўст тутаман”. Абдуллоҳ ибн Масъуд дедилар: “Кейин мен сураи НИСОни бошладим. Ўқиб бориб, бу оят шарифага етдим: (Таржимаси) Қачонки, биз ҳар уммат устига бир гувоҳни хозир қилсак ва сизни улар устига гувоҳ қилиб келтирсак, кофирларнинг ҳоллари қандай бўлади?” Шу оятга етганда кўрдимки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг икки муборак кўзларидан ёш оқиб турарди.

РАСУЛУЛЛОҲ СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМНИНГ ҚИРОАТЛАРИ

(01.02.2010 11:00:00) | (54 марта ўқилди)
БУ БОБДА РАСУЛУЛЛОҲ СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМНИНГ ҚИРОАТЛАРИ ҲАҚИДА БАЁН ҚИЛИНАДИ

Яъни, Жаноби Расулуллоҳнинг Қуръони карим тиловатлари қандай эди, шу хусусда зикр этилади.

240. Йаъло розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Умму Салама розияллоҳу анҳодан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қироатлари ҳақида савол қилинди. Онамиз розияллоҳу анҳо дедилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қироатлари ҳарф-ҳарф очиқ ва равшан бўлар эди.

Шархловчилар айтадилар: Онамиз ўзлари Сарвари коинот соллаллоҳу алайҳи васаллам ўқиганларидек ўқиб бердилар. Яъни ҳарфан-ҳарфан забоний тушунтириб бердилар.

241. Қатода дедилар: Мен Анас розиёллоҳу анҳудан “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қироатлари қандай эди?” деб савол килдим. Анас розияллоҳу анҳу дедилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қироатлари мадлик бўлар эди(мад – бир ҳарфни чўзиброқ ўқиш) (Яъни, мад қилмоқ зарур бўлган мақомларда мад қилар эдилар. Лекин мад қилишда тажвид қоидасига мувофиқ мад қилинар эди. Зиёда ва кам қилинмас эди. Чунки ҳар нарсанинг ўз миқдори бор. Ундан зиёд ва кам қилиш мазамматлангандир).

РАСУЛУЛЛОҲ СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМНИНГ ИБОДАТЛАРИ

(21.01.2010 11:00:00) | (63 марта ўқилди)
БУ БОБДА РАСУЛУЛЛОҲ СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМНИНГ ИБОДАТЛАРИ ҲАҚИДА БАЁН ҚИЛИНАДИ

200. Муғийра ибн Шуъба розияллоҳу анҳу дедилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам нафл намозда шу қадар узун қиём қилар эдиларки, муборак икки қадамлари шишиб кетар эди. Савол қилинди: Аллоҳ таоло у зотнинг аввалу охир тамом гуноҳларини мағфират қилган бўлса-ю, бу қадар машаққатни ўзларига ихтиёр қиладилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: Мен Парвардигоримнинг шукрлик бандаларидан бўлмайми?

201. Асвад ибн Язид дедилар: Мен Оиша розияллоҳу анҳодан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кечқурундаги намозлари ҳақида савол қилдим. Оиша розияллоҳу анҳо дедилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хуфтон намозини ўқиганларидан кейин, кечанинг аввалги ярмида ором олар эдилар. Ундан кейин туриб, таҳажжуд намозига машғул бўлар, кечанинг охирида витр намозини ўқир, ундан кейин жойларига келиб ётар эдилар. Агар кўнгиллари хохласа, ахлиялари билан шаръи суҳбат қилар ҳам эдилар. Кейин бомдод азонини эшитсалар, ирғиб турар эдилар. Агар ғусл лозим бўлган бўлса, ғусл қилар, бўлмаса таҳорат қилиб, намозга чиқиб кетар эдилар.

И з о ҳ. Фан ва тиббда ҳам суҳбат учун ниҳоятда муносиб вақт кечанинг охиридир, чунки бир ухлаб тургандан кейин ҳар икки тарафнинг нашоти янги бўлади. Кечанинг аввалида одам таом еб, оғирлашган бўлади, у ҳолда суҳбат ҳам зарар қилади, агар очлик ҳолда сухбат қилинса ҳам зарар қилади. Булар тиб маслаҳатига боғлиқ масалалардир.
Шариатда ўз жуфти-ҳалоли билан суҳбат ҳар вақтда жоиздир, чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кечанинг аввалида ва кундузнинг турли вақтларида суҳбат қилганликлари собит бўлган. Баъзи ривоятларда дейилганки, айни намоз вақтида суҳбат қилинган бўлса, вужудга келган фарзанд ота-онасига нофармон бўларкан.

БУ БОБДА РАСУЛУЛЛОҲ СОЛЛАЛЛОҲУ алайҳи ВАСАЛЛАМНИНГ УйқуЛАРИ

(11.01.2010 11:00:00) | (64 марта ўқилди)
БУ БОБДА РАСУЛУЛЛОҲ СОЛЛАЛЛОҲУ алайҳи ВАСАЛЛАМНИНГ УйқуЛАРИ ҲАҚИДА БАёН ҚИЛИНАДИ

194. Бароъ розияллоҳу анҳу дедилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг одати шарифалари қачон уйқуга бормоқ учун ёнбошласалар, ўнг кафтларини ўнг юзларининг остига қўяр эдилар. Кейин бу дуони ўқир эдилар: «Эй парвардигорим, бандаларингни хисоб учун қабрларидан турғизадиган куни мени азобингдан сақлагил».

195. Хузайфа розияллоҳу анҳу дедилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон ўринларига ётсалар, бу дуони ўқир эдилар: "Ё Аллоҳ, сенинг номинг ила ўлурман, (яъни уйқуга борурман) ва сенинг номинг ила тирилурман, (яъни уйғонурман)" ва қачон уйқудан турсалар, бу дуони ўқир эдилар: "Бизни ўлдиргандан кейин яна тирилтирган Аллоҳга ҳамд бўлсин, ва қиёмат куни Унинг ҳузурига тўпланиш бўлур".

196. Оиша розияллоҳу анҳо дедилар: Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам ҳар кеча қачон ўз ўринларига ётсалар, икки кафтларини бир қилиб туриб, унга дам солар эдилар, унга «ҚУЛ ҲУВАЛЛОҲУ АҲАД», «ҚУЛ АЪУЗУ БИРОББИЛ-ФАЛАҚ», «ҚУЛ АЪУЗУ БИРОББИН-НАС» сураларини ўқиб, ҳар икки кафтларига дам солгач, баданларининг қўл етадиган қисмларининг ҳаммасига суркар эдилар. Бошларидан, юзларидан ва олди тарафларидан бошлардилар. Шу тариқа уч бор қилар эдилар.

РАСУЛУЛЛОҲ СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМНИНГ КЕЧҚУРУНДА ҚИЛГАН ҲИКОЯЛАРИ

(29.12.2009 11:15:00) | (83 марта ўқилди)
БУ БОБДА РАСУЛУЛЛОҲ СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМНИНГ КЕЧҚУРУНДА ҚИЛГАН ҲИКОЯЛАРИ ҲАҚИДА БАЁН ҚИЛИНАДИ

192. Оиша розияллоҳу анҳо дедилар: Бир кеча Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз уйларида хотинларига бир қисса баён қилдилар. Аёлларидан бирлари дедилар: бу қисса хайратда ва таажжубда тамом Хурофанинг воқеаларига ўхшар экан. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: Биласизларми, Хурофа нима? Хурофа Бани Узра жамоасидан бўлган бир киши эди. Жоҳилият замонасида уни жинлар асир қилиб олиб кетган эдилар. У жинлар билан бир неча муддат бирга турди, кейин улар ўзлари уни олиб келиб, қўйиб кетдилар. Кейин у киши жинлар орасида кўрган қизиқ воқеаларни сўзлаб берар эди. Кейин одамлар унинг сўзини эшитганларида, бу сўз «Хурофа сўзи» дер эдилар. Шундан кейин, араблар орасида ҳар бир қизиқ сўзни Хурофа сўзи дейиладиган бўлди.

УММУ ЗАРЪ ҲИКОЯСИ

193. Оиша розияллоҳу анҳо дедилар: Кунларнинг бирида ўн бир нафар хотин бир ерга жам бўлдилар ва ҳаммалари ўз эрларининг аҳволини тўлалигича баён қилишни ва ҳеч бир сўзни яширмасликка аҳд қилдилар. Бу хотинлар ҳаммалари Яман хотинлари ё Ҳижоз хотинлари эдилар. Номлари аниқ маълум эмасдир.

РАСУЛУЛЛОҲ САЛЛОЛЛОҲУ AЛAЙҲИ ВАСАЛЛАМНИНГ ШЕЪР ҲAҚИДA AЙTГAH СўЗЛАРИ

(17.12.2009 10:00:00) | (61 марта ўқилди)
БУ БОБДА РАСУЛУЛЛОҲ САЛЛОЛЛОҲУ AЛAЙҲИ ВАСАЛЛАМНИНГ ШЕЪР ҲAҚИДA AЙTГAH СўЗЛАРИ УСТИДА БАЁН ҚИЛИНАДИ

184. Шурайх Куфий дедилар: Оиша розияллоҳу анҳодан савол килиндики, Ё Расулаллоҳ, соллаллоҳу алайҳи васаллам шеърдан мисол ё далил келтирардиларми? Оиша дедилар: Ҳа. Ибни Равоха шеъридан мисол келтирар эдилар, ва бу сўзларни далили ўрнида ўқир эдилар (таржимаси): Келтирур сенга хабарларни ул одамийки, сен анга хабар келтирмак учун ҳадя ва йул ҳаржи бермаган эдинг.

185. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу дедилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилдиларки, шоир тилидан сўзланган сўзнинг ниҳоятда рости ва тўғриси Лабиднинг бу сўзидир: Дунё хабардор бўлсинки, Аллоҳдан бошқа ҳар бир нарса ботил ва бекордур, эътимодга лойиқ эмасдур. Ва Умаййа ибн Салт мусулмон булишга яқин қолиб эди, лекин Аллоҳ хоҳламади.

1 2 3 4 5 6
»
_TOGGLE Фойдаланувчилар

Хуш келибсиз Аноним

Исм
Парол


Аъзолар:
Охирги аъзо: Fargoniy
Жами аъзолар: 733

Ҳозир сайтда 3 киши онлайн

_TOGGLE Кўп ўқилганлар

_TOGGLE RSS

_TOGGLE Сайтда излаш